“ЯШИЛ ИҚТИСОДИЁТ” НИНГ АСОСИ – ҚАЙТА ТИКЛАНУВЧИ ЭНЕРГИЯДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ
Бугун юртимиз ҳаётининг барча жабҳаларида ўзгариш, ислоҳотлар ривожи кузатилмоқда. Янги замон руҳи кириб бормаган, инсон манфаатига устувор аҳамият қаратилмаётган бирор-бир соҳа йўқ. Айниқса, сўнгги етти йилдаги тадрижий ривожланиш босқичларига назар солсак, уларнинг мазмун-моҳиятида халқимиз хоҳиш-иродаси, йиллар давомида фуқароларнинг тинчлик-хотиржамлигига тўсиқ бўлаётган оғриқли муаммолар ечими тургани янада аҳамиятлидир. Бир сўз билан айтганда, бундай тарихий эврилишлар ўз-ўзидан содир бўлмайди. Мазкур ислоҳотлар замирида аниқ ва режали мақсад, қатъият, кучли сиёсий ирода мужассам.
Президентимиз таъбири билан айтганда, Янги Ўзбекистонни барпо этиш — бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир. Биз бу йўлда ислоҳотларимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган жамиятимиз аъзоларининг бор билим ва салоҳияти, куч ва имкониятларини, бутун азму шижоатимизни ишга солишимиз зарур. Шундагина Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланади [1].
Юқоридаги мақсадлар ва вазифаларни амалга ошириш учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш жараёнида тўпланган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини тасдиқлади. “Ўзбекистон — 2030” стратегияси келгуси етти йилда иқтисодиёт, ижтимоий фаровонлик, сиёсат ва хавфсизлик соҳаларида кўп қиррали ислоҳотларни режалаштиришнинг асосий платформасига айланди. Унда жамиятда интеллектуал ресурсларни бирлаштириш, соҳавий ва тармоқ режа ва дастурларини мувофиқлаштириш, халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликни тақозо этувчи улкан мақсадлар қўйилди.
Ўзбекистонда ўзгаришлар марказида инсон, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари турибди. Инсон капиталига, билим ва инновацияларга йўналтирилган инвестициялар, “яшил” иқтисодиётга ўтиш иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири, унинг рақобатбардошлигини ошириш ва мамлакатни барқарор ривожлантириш шарти сифатида қаралмоқда.
Бугун инсоният янги таҳдидлар олдида турибди. Ер шари аҳолиси кўпайишда давом этмоқда, табиий ресурслар захираси эса муттасил равишда қисқармоқда. Стратегияда алоҳида таъкидланганидек, “Яшил иқтисодиёт”нинг асоси – қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш самарадорлигини оширишдир.
“Ўзбекистон - 2030” стратегиясида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўрсаткичлари кескин оширилиши тўғрисида кўрсатмалар берилган. Жумладан, стратегиянинг 51-мақсадида “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин оширишга йўналтирилган. Бу мақсадга эришиш учун қуйидаги ишлар амалга оширилади:
- Қайта тикланувчи энергия манбалари 25 минг МВт ҳамда жами истеъмолдаги улуши 40 фоизга етказилади.
- Саноатда “яшил сертификат”лар бозори ривожлантирилади ва “экологик маркировкалаш” амалиёти жорий қилинади.
- 3 ГВт қувватли 3 та иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш орқали табиий газ сарфи камайтирилади.
- Кўп қаватли уй-жойлардаги хонадонларнинг энергия самарадорлиги (энергоаудит)ни баҳолаш тизими жорий этилади.
- Шаҳарларда жамоат транспорти экологик тоза ёқилғига ўтказилади.
- Иқлим ўзгариши соҳасида барча иссиқхона газларини қамраб олувчи мониторинг тизими (МРВ) яратилади.
- Иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан 2010-йилдаги даражадан 30 фоизга қисқартирилади.
Бундан ташқари, стратегиянинг 52-мақсадида келтирилган иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини зарур энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш учун қуйидагилар амалга ошириш режалаштирилган:
- Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжи учун етказиб бериладиган электр энергия миқдорини 120 миллиард кВтга етказиш;
- Табиий газ қазиб олиш ҳажмини 62 миллиард куб метрга етказиш;
- Иқтисодиёт тармоқларининг энергия самарадорлигини 2 баробарга ошириш;
- Энергия ресурслари бозорини тартибга солиш бўйича мустақил регуляторни ташкил этиш, электр энергиясини сотиб олиш, сотиш ва етказиб бериш функцияларини ажратиш;
- Электр энергияси ва табиий газни тақсимлаш, генерация қилиш ва истеъмолчига етказиш инфратузилмасини модернизация қилиш;
- Углеводородлар хомашёси захираларини кўпайтиришга қаратилган геология-қидирув ишларига хорижий инвесторларни жалб қилиш;
- Барча турдаги энергия ресурсларни ҳисобини юритишни тўлиқ рақамлаштириш;
- Ўзбекистон энергетика тизимининг қўшни давлатлар энергетика тизимлари билан барқарор ишлашига эришиш.
Бу стратегияда белгилаб ўтилган кўрсатмалар Вазирлар маҳкамаси томонидан “2020 — 2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергия билан таъминлаш консепсияси” нинг узвий давоми бўлди, десак янглишмаймиз. Мазкур стратегия 2020 йилдан 2030 йилгача бўлган даврда мамлакатда электр энергия билан таъминлаш масаласи бўйича ўрта муддатли ва узоқ муддатли мақсадларни белгилайди ҳамда доимий таҳлил асосида заруриятга кўра таҳлил қилинади [2].
Ҳужжатнинг стратегик мақсади —Ўзбекистон аҳолисини ва иқтисодиётини рақобатбардош нархлар асосида электр энергия билан таъминлаш, энг яхши жаҳон амалиётлари ва жаҳон электр энергетикасидаги замонавий тенденцияларни қамраб олувчи мувозанатланган энергетика секторни ривожлантиришдир.
Консепцияда қуйидаги йўналишлар устувор сифатида белгиланган:
· мавжуд электрстансияларини модернизация ва реконструкция қилиш, электр энергия ишлаб чиқариш бўйича энергия самарадор технологиялардан фойдаланган ҳолда янги электр станцияларини қуриш;
· электр энергияси ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштириш;
· қайта тикланадиган, айниқса, қуёш энергияси манбаларини ривожлантириш; тариф сиёсатини такомиллаштириш ва улгуржи бозорга чиқишни таъминлаш бўйича ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш.
Шунингдек, мазкур стратегияда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришда ҳозирги пайтда электр энергияси тақчил бўлган ҳудудларни энергия таъминотини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун, ушбу соҳада давлат-хусусий шерикчилигини кенг қўллаш чоралари стратегияда белгилаб ўтилган.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон - 2030” стратегиясида Олий таълим қамровини кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимиз саноатининг тезкор суратлар билан ривожланиши саноатнинг алохида тармоқлари учун тор соха мутахассисликларини тайёрлаш заруратини келтириб чиқармоқда. Шу ўринда Тошкент кимё-технология институти ҳам кимё ва озиқ овқат саноати учун энергетика мутахассисларини тайёрлашни йўлга қўймоқда. Ушбу соха битирувчилари стратегияда белгилаб ўтилган электр энергияси ва табиий газни тақсимлаш, генерация қилиш ва истеъмолчига етказишнинг қуйидаги йўналишларда фаолият кўрсатади:
- Корхоналарда энргетик самарадорликнинг амалий масалалари;
- Кимё саноати корхоналарида технологик қурилмаларнинг энергетика самарадорликлари;
- Корхоналарнинг электр ва бошқа турдаги энергетика таъминоти ва корхона имкониятлари асосида ички таъминот учун энергия ишлаб чиқариш масалалари.
Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида ушбу таълим йўналиши учун намунавий ўқув режа ва силлабуслар ишлаб чиқиш корхоналардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш муаммоларига асосланган ҳолда яратилган.
Фойдаланилган адабиётлар рўйҳати
1. “Ўзбекистон - 2030” стратегияси. 11.09.2023 йил.
2. 2020 — 2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергия билан таъминлаш консепсияси.
А.И. Худайбердиева
Тошкент кимё-технология институти,
Физика ва энергетика кафедраси мудири
Sizning munosabatingiz qanday?